Chorshanba, 15.05.2024, 15:52
Menyu

Forumga krish

Hisoblagich

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0


Sayt Soati

Kalendar
«  Fevral 2010  »
DuSeChoPaJuShaYa
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728

Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 25

SAYT DO'STLARI
  • o'zbekona
  • Milliy teatr
  • Internet kafe

  • Ob-havo
    Все о погоде - Pogoda.uz

    Главная » 2010 » Fevral » 4 » Тарона, Пантерра, Мувад, Оханг, Акфа-медиа! Шоу-бизнес “фабрика”лари тахлили!
    00:22
    Тарона, Пантерра, Мувад, Оханг, Акфа-медиа! Шоу-бизнес “фабрика”лари тахлили!
    СТУДИЯЛАР ХАҚИДА ОЧИҚ ТАҲЛИЛ!


    Мустақилликдан сўнг Ўзбекистонда санъат соҳасида кўплаб ўзгаришлар юз берди. Санъатнинг мусиқа йўналишида бир қатор янги ғоялар, янги лойиҳалар амалга оширилди. Мусиқа йўналишидаги энг катта янгилик эса янги овоз ёзиш студияларининг ташкил этилишидир. Уларнинг йўналиши, ташкил этилиш вақти ва фаолият услуби бир-биридан фарқ қилиши мумкин, лекин мақсади битта яъни томошабинларга сифатли мусиқа тақдим этиш, санъат соҳасида янгилик яратиш. Бугунги кунда Ўзбекистонда кўплаб овоз ёзиш студиялари мавжуд бўлиб, улардан энг фаолияти кўзга кўринганлари "ТАРОНА РЕКОРДС” (TARONA RECORDS), "ПАНТЕРА СТУДИО” (PANTERA STUDIO), , "МУВАД ВИДЕО” (MUVAD VIDEO), "АКФА МЕДИА” (AKFA-MEDIA) ва "ОҲАНГ МЕДИА” (OHANG MEDIA) студияларидир.

    "TARONA RECORDS” нафақат Ўзбекистонда балки Ўрта Осиёдаги энг йирик овоз ёзиш компаниясидир. Компания 1998 йил 13 майда ташкил этилган. Компания таркибига "Тарона-концерт” продюсерлик ижодий маркази, "Ўзбегим таронаси” радиоси ва "Шарқ-Синема” киностудияси киради.

    "Тарона-концерт” продюсерлик ижодий маркази 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, бир неча йиллардан буён янги продюсерлик лойиҳаларини амалга оширади, Тарона юлдузлари иштирокида гала-концертлар, ҳамда хонандаларнинг яккахон концертларини ташкиллаштиради.


    "Ўзбегим Таронаси” радиоси FM 101 тўлқинида 2000 йилнинг 24 июль куни ўз фаолиятини бошлаган, бир неча йилдан буён фаолият олиб бораётган радиолардан биридир. Эфир ўзбек ва рус тилларида бўлиб, ўзбек эфирида радиобошловчилардан Дилмурод Ғуломов, Жамшид Ҳожиниязов, Умидхон Расулов, Интизор Очилова, Dj Mix ва Сабина, рус эфирида эса Дмитрий Филиппов, Амалия, Шерус, Ксюша Орловалар эфир олиб борадилар.

    "Шарқ-Синема” киностудияси 2005 йил ташкил этилган ва бир қатор кинофильмлари билан машҳур бўлиб, энг биринчиси хонандалар Лола ва Шахзода иштирокидаги "Севинч” (реж.Аюб Шахобиддинов ва Ёлкин Тўйчиев) кинофильми эди. Шундан сўнг, киностудияда хонанда Шахзода иштирокидаги "Фотима ва Зухра”, хонанда Шохруххон иштирокида "Ромео ва Жульетта”, хонанда Шахзода иштирокида "Зумрад ва Қиммат”, шунингдек, "Сўғдиёна”, "Ташландиқ”, "Телба”, "Фериде”, "Қалбим ўғриси” каби кўплаб кинофильмлар яратилган. Ҳозирги кунда киностудияда режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг "Қорқиз ва кондуктор” фильми устида иш олиб борилмоқда.

    "Тарона рекордс”нинг продюсерлик борасидаги биринчи катта лойиҳаси, илк таркибдаги "Сетора” гуруҳи эди. Гуруҳ таркиби уч ёш хонанда қизлар Феруза, Лайло ва Камиладан иборат бўлиб, тез орада мухлислар назарига тушган. "Сетора” гуруҳи муваффақиятли ижод қилиб, кўплаб мукофотлар жумладан бир неча бор "Тарона” тақдимотида "энг яхши гуруҳ”, "энг яхши қўшиқ”, "энг яхши альбом” йўналишида ғолибликни қўлга киритишган. Шунингдек, "Ниҳол” мукофоти ҳамда "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонига сазовор бўлишган.

    Шартнома муддати тугагач, "Сетора” гуруҳига янги таркиб учун кастинг эълон қилинди ва гуруҳ хонандалари бир неча марта алмашди. Ҳозирги кунда "Сетора”нинг янги таркибида хонанда қизлар Нигора, Шахзода ва Малика фаолият олиб бормоқдалар. Лекин, Сеторанинг янги таркиби санъат соҳасида аввалгисидек юқори поғоналарни эгаллай олмаяпти.

    1998-1999 йиллардан бошлаб хонандалардан Равшан Собиров, Тоҳир Содиқов, Рашид Холиқов, Самандар, "Хўжа” гуруҳи, Озода Нурсаидова, Юлдуз Усмонова каби 95 фоиз эстрада хонандалари "Тарона рекордс” студияси билан ҳамкорлик қила бошлашди.

    "Тарона рекордс”нинг яна бир энг муваффақиятли лойиҳаси хонанда Шаҳзода (Зилола Мусаева) бўлиб, у машҳурликда "Сетора” гуруҳини ҳам ортда қолдирган дейиш мумкин. Бир неча бор "Тарона тақдимоти” да турли йўналиш ғолибаси, "Ниҳол” мукофоти совриндори ва энг муҳими ҳали ҳамон ижодда янгидан янги чўққиларни эгаллаётган Шахзода, ҳозирги кунда чет эл хонандалари билан ҳам ижодий ҳамкорлик қилмоқда. Яқиндагина Машҳур Dj Smаsh билан куйланган "Между небом и землёй” дуэти фикримизнинг исботидир.

    Ижодни тарк этган бўлса-да, ҳамон мухлислар кўнгилларини тарк этмаган "Тарона рекордс”нинг яна бир лойиҳаси хонанда Лоладир. Қисқа муддатда, ўзининг чиройли қўшиқлари билан танилган хонанда, фаолияти давомида кўплаб қўшиқлар яратиб, 3 та кинофильм ("Севинч”, "Келгинди куёв”, "Ярим бахт”)да суратга тушишга ҳам улгурган.

    Шунингдек, "Тарона рекордс” яна бир қатор продюсерлик лойиҳаларини амалга оширган бўлиб, булардан хонандалар Шохрух, Райҳон, "Асал”, "Фазо” гуруҳлари, ҳозирги кунда эса хонандалар Шахриёр, Нилуфар Усмонова, Амар ижод қилишмоқда.

    "Тарона рекордс” билан яна бир қатор ёш эстрада хонандалар Шохруххон, Зебо, Миржамол кабилар ижодий ҳамкорликда.

    "Тарона рекордс” шартнома асосида ёш хонандалар билан ишлаб, уларнинг ижодий ишларига кўмаклашиб, кўплаб шарт-шароитлар яратиб бермоқда. Шартнома 5 йил муддатга тузилади. Шартнома муддати тугамасдан студияни тарк этиш ва бошқа келишмовчилик ҳолатлари бўлмаслиги учун, шартнома аниқ тузилган ва шартнома қоидаларига риоя қилинади.

    "Тарона рекордс”да бастакорлардан хонанда ва шоира Шахноз фаолият юритади. Студияда яратилаётган қўшиқлар матнига ва яратилиш жараёнига жиддий эътибор берилади. Оранжеровкачилар Равиль Гимазутдинов, Жасур Абдурахмонов, Роберт, Шухрат Зокиров, Асқар Ибрагимов ва мусиқачилардан "Сарбон” гуруҳи хонандаси Фарход, Виталий Папелов самарали ижод қилишмоқда.

    1999 йилдан 2006 йилгача Тарона рекордс компанияси томонидан "Тарона тақдимоти мукофот маросими” ўтказилган. Албатта, бу маросим ёш хонандаларни ижод борасида рағбатлантириш мақсадида йўлга қўйилган эди. Кўплаб эстрада хонандалари бу мукофотга сазовор бўлишган. Ҳозирда бу мукофот тақдимот маросими ўтказилиши тўхтатилганлигининг сабаби, яна янги лойиҳалар ўйланмоқда.

    "Тарона рекордс” фаолияти бошланишида бир йилда 12 та дан тортиб 26 тагача концерт дастурларини ўтказган. Ҳозирги кунда эса концертлар сони бироз камайган, сабаб дам олиб, янгилик киритиш.

    Компания илк фаолият бошлаган давриданоқ ўз имкониятларини намойиш этиб, тез орада мусиқа санъати ривожига ўз ҳиссасини қўша бошлаган. "Тарона Рекордс” бир йил ичида Германия, Швейцария, Нью-Йоркдаги катта-катта айнан мусиқа йўналишида ишлайдиган компаниялар билан шартномалар тузган.

    Муқимов Даврон Фурқатович

    ("Тарона-концерт” компанияси бош директор ўринбосари, "Тарона рекордс” овоз ёзиш студияси директори): – Студия йўналиши Ўзбекистонда эстрада-мусиқа йўналишида сифатли маҳсулот чиқариш. Мақсадга эришдик десам хато қилмаган бўламан, лекин мақсадга эришгандан кейин яна янги мақсад пайдо бўлиши керак. Биринчи навбатда бизда сифат туради. Ҳар йилни бошида биз ўзимизга керакли режалар тузамиз. 2009 йил бошида қўйган режамиз, бу қўшиқ яратиш учун янги асбоб-ускуналар сотиб олиш ва уларни Тошкентда ишлатишни йўлга қўйиш эди. 2009 йил жуда катта ишларни қилдик десак адашмайман, қўшиқ яратиш учун ҳали Тошкентда йўқ бўлган янги асбоб-ускуналар олиб келинди ва йўлга қўйилиб, улар ҳозир синовда (тестирование). 1 февралдан улардан фойдаланишга ўтилади.

    "Тарона рекордс”га борган вақтимда Тарона Рекордс бош директори Сарвар Рахматуллаевдан ҳам студия фаолияти ҳақида фикр олмоқчи эдим. Лекин у киши (камтарлик билан) студия фаолияти ҳақида бошқалардан маълумот олишим мумкинлигини айтиб, аксинча, Саййод ком сайти ҳақида фикр билдирдилар.

    Сарвар Раҳматуллаев

    ("Тарона рекордс” бош директори)

    "Sayyod.com” сайти ҳақида

    "Очень обширная, правдивая и мобильная информация. И вообще дизайн, сайт всё соответствует нынешнему времени.” (Жуда кенг ва ҳаққоний маълумотлар, кейин жуда тезкор маълумотлар. Ва умуман дизайн, сайт ҳаммаси замон билан ҳамнафас.)

    ПАН ТЕРРА СТУДИО («PAN TERRA STUDIO») овоз ёзиш студияси ҳақида бирор маълумот олмоқчи бўлсангиз, бир неча марта қўнғироқ қилиб, бир неча кун давомида бу масала ҳал қилинишини кутишингиз керак бўлади. Шундан сўнг омадингиз келса, сизга Ҳакимов Аъзам акани телефон рақамларини беришади, худди лотореяга катта ютуқ чиққандек. Аммо, лотореяга ютуқ ҳамма вақт ҳам чиқавермаслиги мумкин. Лекин ютдим, энди маълумотга эга бўламан деб хурсанд бўлишга асло шошилманг, дарҳол ҳамма ҳужжатларингизни тайёрлаб қўйинг. Чунки Ҳакимов Аъзам акага анча-мунча ҳужжатларни тақдим этишингизга тўғри келади. Балки оилавий аҳволингиз ҳақида ҳам ҳужжат керак бўлиб қолар…(ҳамма ҳужжатлар тўлиқ бўлгани яхши-да) Хуллас, шундан сўнг ёзма равишда мурожаат қилсангиз, балки бирор маълумот олиш бахтига муяссар бўларсиз яқин келажакда. Яхши ҳамки бу студия экан…

    Айтиб ўтиш жоиз, аввалига уларнинг расмий веб-сайтидан маълумотни олишимиз мумкинлигини айтишди-ю, лекин сайт ишламаётганлигини айтсак яқин кунлар ишлаб қолишини маълум қилишди.

    "MUVAD VIDEO” СТУДИЯСИ Ўзбекистон бозорида, ўзбек шоубизнесида студиялар ичида энг биринчи пойдевор қўйганлардан бўлиб, студия шиори: фақат сифатли маҳсулот чиқариш. Ўз фаолиятини 1994 йилда бошлаган бу студия, аудио-видео маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Аввалига маҳсулотларини аудио ва видеокассеталарда тақдим этган бўлса, бугунги кунда СD ва DVD дискларда турли концертлар, видеоклиплар, бир сўз билан айтганда видео ва аудиёзувларни томошабинларга етказиб бермоқда. Мувад видео студиясида, ўз номидан келиб чиққан ҳолда (Студия раҳбарининг сўзларига кўра Мувад яъни ранг-баранг оҳанг, кўриниш ва эшитиш деган маънода) ранг-баранг маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ҳаракат қилинмоқда.

    Яқин уч йил ичида эса Мувад видео студияси концертлар ташкил этишни ҳам йўлга қўйган. Ижодкорларга катта эркинлик берилган. Келишилган ҳолда албатта.

    Студияда энг янги овоз ёзиш технологияларидан фойдаланилади.

    Бугунги кунда хонандалар Озодбек Назарбеков, Алишер Файз, Хожиакбар, бастакорлардан Мусахон Нурматов Мувад видео студияси билан ижодий ҳамкорликда фаолият олиб бормоқдалар.

    Студия янгиликларидан, 2010 йил 5 апрелдан 26 апрелгача хонанда Озодбек Назарбековнинг концертини тақдим этиш режалаштирилган. 22-23 май кунлари эса хонанда Ҳожиакбарни яккахон концерт дастурини тақдим этиш мўлжалланмоқда.


    Абдушукур Хамидович Исломов

    ("МУВАД ВИДЕО СТУДИЯСИ” раҳбари): – Студия ташкил этилган вақтдан ўз олдимизга қўйган аниқ мақсадимиз, бу сифатли маҳсулот етказиб бериш. Бугунги кунга келиб яхши натижаларга эришдик. Турли хорижий давлатларга ҳам бизни яъни Мувад видео маҳсулотлари етиб борганлиги бунинг исботидир. Хориждаги юртдошларимизнинг фикрларича, маҳсулотларимиз сифати уларнинг талаб даражасида. Ўзим ҳам Америкада бўлганимда кўп жойларда Мувад видео маҳсулотлари ҳақида билишларини гувоҳи бўлдим. Студия асосан, сифатли аудио-видео маҳсулот чиқаришга урғу беради. Мақсад пул ортидан қувиш эмас. Фақат сифатли маҳсулот чиқариш ва санъатни қадрига етиш. Маҳсулотимизни хорижий давлатга олиб чиққанда юзимиз ёруғ бўлиб, кўрсата оладиган маҳсулот бўлишини ҳоҳлаймиз. Студия пойдеворини ғиштини ўзим қўйганман, лойиҳани ўзим амалга оширганман. Сабаби санъатга жуда ҳам қизиқаман. Биз биринчи бошлаганмиз, лекин ҳамкорликда ҳамма компаниялар билан ишлаймиз. Келажакдаги режалар кўп. Ҳамма мухлисларни Озодбек Назарбековнинг янги концерт дастурига таклиф этамиз. Бу йилги концертга жуда катта тайёргарлик кўрилмоқда, янги қўшиқлар бор, айниқса "Онам” қўшиғи жуда таъсирли. Демоқчиманки, мухлислар кўнглидан жой олади деб ўйлайман.



    "OHANG MEDIA” СТУДИЯСИ нинг асосий йўналиши миллий услубдаги сифатли аудиоёзувлар, дастурларни кенг оммага тақдим этиш.

    Асосий мақсад: Ўзбек Миллий қўшиқчилик санъатини ривожлантиришдан иборат.

    Оҳанг медиа студияси 2003 йилда ташкил топган. Шундан буён студия ўзбек миллий қўшиқчилик санъатини ривожлантиришга ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.

    Миллий йўналишда куйловчи хонандалардан раҳматли Фахриддин Умаров, Рустамқори Турсуновлар ушбу студия билан ижодий ҳамкорликда эдилар. Уларнинг кўплаб қўшиқлари студия архивида сақланмоқда.

    Ҳозирги кунда миллий йўналишдаги устоз санъаткорлардан Камолиддин Раҳимов, Ҳожиакбар Ҳамидов, Ғиёс Бойтоевлар, ёш хонандалардан Обиджон Одилов, Баҳодир Бакиров, Ботир Қодировлар Оҳанг медиа билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйганлар.

    Шунингдек, хонанда Зулайхо Бойхонова студияда ўз дастурини лицензион дискларда чиқарган.

    Ҳозирги кунда эса хонанда Севинч Мўминованинг Тожикистондаги концерт дастури DVD дискда тақдим этилиш арафасида.

    Студияни бошқа овоз ёзиш студияларидан 2 та асосий фарқи бўлиб, биринчиси миллий йўналишдаги хонандалар қўшиқ-дастурларини ёзиш бўлса, иккинчиси студия ҳеч қандай продюсерлик лойиҳалари билан шуғулланмайди.

    Носиржон Каримов

    ("ОҲАНГ МЕДИА” СТУДИЯСИ раҳбари ):- Оҳанг медиа студиясида асосан, мақомлар, катта ашулалар, классик қўшиқлар, марсиялар, миллий эстрада услубидаги қўшиқлар ёзилади. Ҳозирги кунда архивимизда тахминан 15 мингта қўшиқ бор. Шундан 90 фоизи миллий классик қўшиқлар. Кўплари жонли ижрода. Биз асосан, дастур бўйича ишлаймиз. Хонанда студияга келиб қўшиқ ёздиради, биз уни дастур қилиб чиқарамиз. Яқин 2 йил ичида қўшиқларимизни қўштирноқ ичидаги «тадбиркорлар», яъни видео қароқчилар ўғирлаб, дискларга ёзиб чиқаришяпти. Биз бугун бир дастурни ёзиб чиқарсак, эртага уни қароқчилар олиб, мингталаб, 10 мингталаб чиқаришади ва Республикага ёйишади. Уларни дисклари бизнидан арзон, лекин сифатсиз. Шу сабабли, биз вилоятлардаги барча шохобчаларни ёпдик. Ҳозир давлатимиз томонидан бундай видеоқароқчиларга кураш учун катта тадбирлар олиб бориляпти.
    "AKFA-MEDIA” КОМПАНИЯСИ 2006 йил 16 майда "Акфа” компанияси қошида ташкил этилган. Компания ўз йўналиши бўйича, продюсерлик вазифаларини амалга ошириб, ёш истеъдодли хонандаларни тайёрлаш, клип ва фильмлар суратга олиш, турли видео маҳсулотларини монтаж қилиш, видео маҳсулотларини суратга олиш учун керакли техник жиҳозларни ижарага бериш билан шуғулланади.

    Акфа-медиа, Консерватория рекордс ва Пантера Студио овоз ёзиш студиялари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. (сабаби ҳозирги кунда Акфа медиани ўз овоз ёзиш студиясида қурилиш кетаётгани) Бу ерда санъат учун, ҳар тарафлама яъни вокал дарслари, шейпинг, саҳна пластикаси каби хонанда бўлиш учун керакли барча шароитлар яратилган.

    Бастакорлардан Рустам Тўлашев, шоирлардан Иброҳим Жиянов Акфа-Медиа билан ижодий ҳамкорликда фаолият юритмоқдалар. Хонандалардан "Божалар” гуруҳи ҳам Акфа медиа билан ижодий ҳамкорликда.

    Акфа медиа ташкил этилганидан буён "Божалар” гуруҳидан Жахонгир Фозилжонов режиссёрлигидаги фильмларга ҳомийлик қилинган. Булар "Бойвачча”, "Амакиваччалар”, "Нортой”, "Аччиқ ҳаёт” ҳамда Мўмин Орипов режиссёрлигидаги "Қалбаки дунё” фильмлари. Яқин кунларда, Жавлон Шодмонов режиссёрлигидаги "Шаддод қиз” фильми ҳам оммага тақдим этилиши мўлжалланган.

    Акфа-Медианинг илк продюсерлик лойиҳалари хонандалар Зиёда, Ойбек ва Нигора эди. Улар билан 2005 йилнинг октябрида 3 йил муддатга шартнома тузилган бўлиб, 2010 йилдан уларни шартнома муддати ниҳоясига етди. Шу муддат ичида Зиёда, Ойбек ва Нигора етарли даражада машҳурликка эришдилар. Уларнинг уччаласи ҳам "Ниҳол” мукофотини, Зиёда эса "MTVA 2007” тақдимот маросимида "Йилнинг энг яхши аёл хонандаси” номинацияси ғолиблигини қўлга киритдилар. Улар Акфа медиа билан шартнома муддатини узайтирмадилар ва ҳозирги кунда мустақил ижод қилишмоқда.

    2009 йил ниҳоясига келиб, Акфа-Медиа яна янги продюсерлик лойиҳалари учун кастинг эълон қилди ва кастинг асосида бир неча ёшлар саралаб олинди. Булар Шахзод, Рухшона, Жамшид Шокиров, Сирожиддин.

    Ҳозирда эса улар учун янги қўшиқлар ёзиш ва клип олиш жараёнлари кетмоқда.


    Абдураҳмон Фозилжонов

    (Акфа-Медиа компанияси бош директори): – Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, Акфа-медиа компанияси ташкил этилган. 2005 йилнинг куз ойларида кастинг ўтказдик ва истеъдодли ёшлардан Ойбек, Нигора ва Зиёда танлаб олинганди. Илк ижодий лойиҳамиз мухлислар томонидан яхши қабул қилинди. Мақсадларимизга эришдик деб ўйлайман. Келажакдаги режалар ижод борасида, янги йўналишда, янгиликлар яратиш. Шунингдек, янги овоз ёзиш студияси бунёд этиш.

    Юқорида номлари келтириб ўтилган бу студиялар йўналиш ва фаолият жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади. Ҳар бирининг ўз услуби бор.

    Масалан, "ТАРОНА РЕКОРДС” энг яхши продюсерлик марказларидан бўлиб, бу ерда хонандалар учун барча ижодий имкониятлар яратилади. Хонанда учун администратор, энг яхши ижодкорлар гуруҳи, стилистлар ва ҳ.к. Талаб самарали ижод қилиш. Тарона рекордсда янги лойиҳани промоушнига кучли эътибор қаратилади. Тарона рекордсни кўп қиррали студия дейиш мумкин, шунинг учун ҳам уни фаолиятига кенгроқ тўхталишга тўғри келди. Студия ўз фаолиятига янада янгиликлар киритиш учун изланмоқда. Ҳозирги кунда Тарона Рекордснинг энг муваффақиятли лойиҳалари деб хонандалар Шаҳзода ва Нилуфар Усмоноваларни айтиш мумкин. Буларни ҳаммаси албатта, Тарона рекордснинг плюс томонларидир. Лекин, камчиликларга тўхталсак, ҳозирги кундаги продюсерлик лойиҳаларидан баъзиларини унчалик муваффақиятли деб бўлмайди менимча. Масалан, "Сетора” гуруҳи ижодида ҳеч қандай янгилик йўқ. Шунингдек, хонанда Шаҳриёр ижодини ҳам жуда муваффақиятли деб бўлмайди. Унинг ижросидаги бир неча қўшиқлар оммалашган ва томошабинлар эътиборини тортган бўлса ҳам, ҳозирги кунда Шаҳриёр фаолиятида сокинлик. Бунга сабаб, унинг талабаликка берилиб кетгани дейилмоқда. (Шаҳриёр ҳозирги кунда Санъат институти талабаси) Яна бир янги лойиҳа Амар ҳақида фикр билдиришга ҳали эрта менимча.

    Тарона Рекордс бир хилликдан қочиши керак назаримда, янги оригинал ғоялар асосида такрорланмас лойиҳаларни амалга оширишни айни вақти. Бу мени шахсий фикрим албатта.


    "МУВАД ВИДЕО” деганда биринчи навбатда аудио-видео маҳсулотлари кўз олдимизга келади. Чунки, сифатли аудио ва видео маҳсулотлари ишлаб чиқаришни биринчи бўлиб бу студия йўлга қўйган эди. Бу анъана ҳануз давом этмоқда. Лекин студия фақат бу билан чекланиб қолмасдан, концертлар ташкил этишни ҳам йўлга қўйгани, унинг плюс жиҳатларидан. Келажакда фақат миллий эстрада йўналишидаги хонандалар ҳамкорлиги билан чекланиб қолмасдан, янгича йўналишдаги хонандалар билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш, промоушнга эътибор қаратиш ва яна янги ғояларни амалга ошириш фойдадан ҳоли бўлмайди менимча.


    "ОХАНГ МЕДИА” студияси ҳақида шу фикрларни билдириш мумкин-ки, бу студия фақат бир ёқлама йўналишда ижод қилади. Ҳозирги кунда миллий ўзбек куй-қўшиқларига талаб унчалик кўп бўлмаган бир вақтда, фақат миллий йўналишда фаолият юритиш осон эмас албатта. Шунга қарамай, Оҳанг медиа студияси ўзбек миллий санъати ривожига ўз муносиб ҳиссасини қўшиб келаётгани таҳсинга сазовор. Студия фаолиятида промоушнга эътибор қаратиш керак. Студия фаолиятида бир жойда турмасдан олдинга интилиш муҳим албатта.


    "АКФА-МЕДИА” компанияси ҳақида сўз юритсак, у юқорида номлари келтирилганлар орасида энг ёш, лекин тез фурсатда ўзини кўрсата олган студиядир. Асосий мақсади, санъатга қизиққан ёшларга имконият яратиб бериш ва санъатни ривожлантиришга ҳисса қўшиш. Студия ўз продюсерлик лойиҳаларини промоувшнига кўп эътибор қаратади. Аввалги продюсерлик лойиҳалари Зиёда, Ойбек ва Нигора 3 йил ичида элга танилишида промоушн ҳам ўзига хос ўрин тутган. Келажакда фақат ёшларга хос услуб билан чегараланиб қолмасдан, янада янги ва жиддий лойиҳаларни амалга оширишлари жуда муҳим.


    ПАН ТЕРРА СТУДИО («PAN TERRA STUDIO») хақида бизга фақатгина OOO "Gamma promotion” компаниясига қарашли эканлиги маълум бўлиб, юқорида айтганимиздек, улар тарафидан умуман биронта расмий маълумот берилмаганлиги боис, бу студияга боғлиқ юлдузлар хақида хам айтиб ўтишни лозим топмадик.

    Изоҳ: Фаолияти кўп қиррали бўлганлиги ва бошқа студияларга нисбатан кўплаб продюсерлик лойиҳаларини амалга оширганлиги боис, Тарона Рекордс студияси ҳақида маълумотлар кўпроқ бўлди. Лекин, студия раҳбарияти томонидан, студияни суратга олишга рухсат берилмади.

    Студияларда меҳнат қилаётган ходимлар сонининг аниқ берилмагани, ходимлар сони кўпинча ўша студиялардаги иш жараёнига боғлиқ эканлиги туфайлидир. Яъни, иш кўламининг кўплиги ёки камлигига қараб, ходимлар сони камайиши ёки ортиши мумкин.



    sayyod.com dan oldi UzDDS 

    Просмотров: 2970 | Добавил: www | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    Имя *:
    Email *:
    Код *:
    free counters
    UzDDS@mail.ru © 2024