1977 йил 24 январда туғилган.
Санъат институтининг "Драма ва кино режиссёрлиги” факультетига 2000 йилда кириб, 2005 йилда битирган.
Актёр сифатида "Жоним сени ёхуд эгизаклар”, "Қайдасан Муҳаббат”, "Шаббона”, "Севгинатор” каби ўндан зиёд фильмларда роллар ижро этган.
Режиссёр сифатида комедия жанрида "Ортиқча омад”, "Етти ҳайкал ва битта кал” фильмларини суратга олган.
Эндиликда мелодрама жанрида "Қалб кўзи” фильмини суратга олди.
Санжар Шодиев илк марта бу фильмни ғояси ҳақида сўзлаб берганидаёқ, фильм мавзуси мени қизиқтирганди. Сўнг, фильмга саундтрейк қилиниши мўлжалланаётган хонанда Сурайё Қосимованинг қўшиғини тинглаганимда, қўшиқ таъсирида қаҳрамон қизни ҳолати кўз олдимга келганди. Фильм ўша хонанданинг ҳаёти билан боғлиқ бўлса керак деганимда, Санжар Шодиев фильм қаҳрамони бутунлай бошқа қиз эканлигини, асосий урғу меҳр-оқибат туйғуларига берилишини айтганди.
Шундан сўнг, сценарий ёзилиб, бош қаҳрамон образларига кастинг эълон қилинди. Кўплаб актриса ва актёрлар орасидан Шаҳзода Матчонова ва Адиз Ражабовлар бош қаҳрамон образларига тасдиқландилар. Бошқа асосий образларга ҳам жуда яхши актёрлар ансамбли жамланди.
Санжар Шодиев бу галги фильми мелодрама бўлгани учунми, мавзуга жуда жиддий ёндошди. Фильмдаги ҳар бир қаҳрамон ҳолатини ҳис этиб, ҳар бир қаҳрамон ҳаётини қайсидир маънода яшади, дейиш мумкин.
Бугун Санжар Шодиев билан суҳбатимиз ҳозирда дубляж жараёнида бўлган "Қалб кўзи” фильмининг яратилиши ҳақида.
Феруза: – Яқин кунларда премьераси кутилаётган бу фильмингиз томошабинга нима бера олади деб ўйлайсиз?
Санжар Шодиев: - (ўйланиб) Бу фильмдан томошабинга бермоқчи бўлган мақсадимиз, масалан, кўзга кўринадиган пул, давлат, бойлик деган нарсалар бор. Кўзга кўринмайдиган нарсалар бор. Одамзотни одамзотга бўлган ҳурмати, икки инсонни бир-бирига бўлган ҳурмати, меҳри ёки сен бировга яхшилик қилсанг, ўша яхшилигинг, кўзга кўринмайди четдан қаралса. Буларни кўриш учун, одамзотни қалбини кўзи очиқ бўлиши керак. Яъни, қалб кўзи.
Мана, шунча кинолар кўрамиз-ку, қиз болаларни бир-бирига бўлган дугоналиги юқори даражада кўрсатилган фильмлар кам. Бизни фильмда эса ўғил болаларни дўстлиги эмас, дугоналарни дўстлиги юқори кўрсатилган. Бу фильмдан кейин қизлар, бир-бирига жуда яхши дугона бўлиб кетади деб ўйлайман. Энди ҳаммани дунёқараши ҳар хил-ку, лекин томошабинлар ҳам, бу фильмда шу нарсаларни кўра олади деб умид қиламан.
Феруза: – Актёрлар ансамблидан кўпчилиги билан режиссёр сифатида биринчи марта бирга ишлашингиз. Қийин бўлмадими?
Санжар Шодиев: – Актёрлар ансамбли маълум фоиз кинони яхши чиқишига сабаб бўлади. Кўзи ожиз қиз образини ўйнаш қийин. Мен жуда хурсандман, бош қаҳрамонимизни ўйнаган Шаҳзода Матчоновадан. Биринчи марта бирга ишладим. Кейин Адиз Ражабов, Самандар, Асал Шодиева, Убайдулла Омон, Эркин Комилов хуллас, ҳар битта актёр, ҳар битта санъаткор ўзини ролини қанчалик маромига етказиб ўйнаганини, мени режиссёрлик ишимни қай даражада яхши чиққанини томошабин ҳал қилади. Мен шундай актёрлар ансамбли билан ишлаганимдан хурсандман. Бундан ташқари, фильмда ўзимни қизим Лайло ҳам кичик бир рол, Убайдулло Омонни қизчасини ижро этди.
Феруза: – Олдин комедия жанрида фильм суратга олган эдингиз, эндиликда бошқа жанрда? Қандай қийинчиликлари бўлди?
Санжар Шодиев: – Энди комедия ҳам қийин. Бошқа жанр ҳам қийин бўлиши аниқ.
Феруза: – Нима туртки бўлди айнан шу мавзуга қўл уришингизга? Санжар Шодиев: – Сурайё Қосимова деган қўшиқчимиз бор. Кўзи ожиз қиз. У қизни қўшиғини эшитиб, (ўйланиб) шу ҳаётни кўрганман хаёлимда. Нимадир, нимагадир туртки бўлади. Шу ишни қиласиз. Шу қўшиқда яшардим мен. Лекин бу ерда Сурайёни ҳаётини олиб чиқмаганман. Бу ерда Сурайёни ҳаёти йўқ.
(сал асабийлашиб) Бир нарсани айтмоқчиман. Одам бир қизга уйланмоқчи бўлса, гарантия сўраб яшайверади-да, 10-15 йил гарантия, неча йил йил гарантия? Хотин олиш, техника олиш эмас-ку. Ўйламайди ўзига қанча гарантия бор? Бир ой гарантия борми? Айтади соғлом қизни оламан деб. Қиз касал бўлса нима бўлибди? Худодан берилган бир дарди бор одамни камситиш керак эмас. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Уйланганидан кейин авария бўлиб ногирон бўлиб қолиш ҳам мумкин-ку. Пешонага ёзилгани бўлади. Нима учун одамзот соғлом қиз дейди? Ўзи жўшқин соғлом бўлиб, қалби ногирон бўлиши ҳам мумкин. Шунақаларга уйланяптилар. Унақалардан Худо асрасин. Ана шундай қалби ногирон бўлмаса бўлди одамни. Шундай бир гап бор, агар фарзандни яратиш ота-онани қўлида бўлса, фарзандини ҳаммадан чиройли қилиб ясаб оларди. Лекин, бу Худони қўлида. Ундай туғилганига, у айбдор эмас-ку. Суратга олиш жараёнида мен шу мавзуни ола туриб, шундай бир қийин ҳолатга тушдим. Икки кун ўзимга кела олмай қолдим. Институтда аудиторияда олинадиган саҳна бор эди. Массовкали саҳна, институт талабаларини йиққанмиз, суратга оляпмиз. Аудиторияда биринчи қаторда, оппоқ бош кийимида бир талаба йигит ўтирган эди. Унга: – Бош кийимингизни олиб қўйинг, кадрда яхши чиқмаяпти –дедим. У йигит эса, йўқ ололмайман деди. Унда орқароққа ўтиб ўтиринг – десам, у менга: – Ака, мени туришим сал қийинроқ – деди. Бошида мен уни атайлаб шундай қиляпти деб ўйладим. Кейин қарасам, у иккита ҳассада келган экан. Билмайман, оёғи синганми ёки унга нима бўлган? Кўриб ўзимни йўқотиб қўйдим. Энди мени ҳолатимни тасаввур қилаверинг. Ўзим шу мавзуда фильм оляпман–ку, ўзим билмаган ҳолда, шундай нарсаларга аҳамият бермабман. Ҳар бир ижодкор нимадир бошлаганида, ўшани ичида, ҳолатида яшайди. Шу ҳолатлар таъсир қилдими, асабданми, суратга олиш ишлари тугаши билан 10 кун касалхонада даволандим.
Феруза: – Фильмни суратга олиш ишлари қийин кечганиданми?
Санжар Шодиев: – Бу чарчашдан бўлса керак, чунки бир фильмни тугатгач, дам олмасдан иккинчи фильмни суратга олишга киришиб кетдим.
Феруза: – Ҳар бир ижодкорни бир суянадиган, маслаҳат оладиган инсони бўлади. У инсонни устоз десак ҳам бўлади. Сизда–чи?
Санжар Шодиев: – Мен кўпчилик режиссёрлардан бориб маслаҳатлар олганман. Мени съёмкам жараёнига келиб, съёмкамни кўриб, маслаҳатларини берган устозим Валижон Умаров "Ўзбек миллий драма театри” режиссёри. Ўзини ҳурмат қилган ҳар бир режиссёр бор-ки, уни ёнида кимдир бор. Яъни, ўз маслаҳатини бериб турадиган устози. Ўргатиб турадиган устоз эмас, ишини кўриб берадиган устоз.
Феруза: – Фильмда бош роллардан бирини ижро этган актёр Адиз Ражабов бугунги кунда кўплаб фильмларда рол ижро этмоқда. Нима деб ўйлайсиз, сизни фильмингиздаги роли, уни бошқа ролларидан нимаси билан фарқ қилади? Актёрни янги бир қиррасини топдим деб ўйлайсизми?
Санжар Шодиев: - Умуман, бошқа ролларига ўхшамаса керак бу образи. Адизни паузаларга бой фильми шу бўлса керак. Актёр маълум бир ҳолатларда гапириши шарт эмас, кўзни ўзи билан ҳам ҳолатни бериш мумкин. Кўзлар гапиради. Кўпчилик шу кўзларни гапиртирмайди. Гапирма, кўзинг билан ҳолатни ушлаб тур Адиз – дедим. Томошабинга сени гапинг эмас, сени ушлаб турган паузанг қизиқ. У шундай қилиб ижро этди. – Мен пауза ушлашни сиздан ўргандим – деди.
Феруза: – Актёр Адиз Ражабовни фильмингизга таклиф қилишингизга, уни бугунги кундаги рейтинги сабабми?
Санжар Шодиев: - Йўқ. Адиз Ражабов шундай бир актёр–ки, у комедияга ҳам, мелодрамага ҳам бирдай мос тушади. Адиз икки томонлама актёр. Лекин, фильмим ҳали катта экранга чиқишига вақт бор, шунинг учун фильм ва актёрлар ҳақида кўп гапиришга ҳам қўрқаман. (кулиб) Агар бирор актёр ёки актрисани роли яхши чиқса, мен бу ролни ўйнашга қийналдим, узоқ тайёрландим деб интервью беради. Агар роли ёмон чиқса, қаердан билай, режиссёр менга шундай ижро этишимни айтганди. Мен шундай ижро этдим дейди. (жиддийлашиб) Фильм премьераси бўлиб ўтгач, 10 кундан сўнг ҳамма актёрлар ижроси ва режиссёр иши қандай чиққанлиги билинади. Ҳақиқий баҳони томошабин беради.
Феруза: – Суратга олиш ишлари вақти энг қийналган саҳна бўлдими?
Санжар Шодиев: – (ўйланиб) Ҳамма саҳнани ўзига яраша қийинчилиги бор. Лекин, қийинроқ бўлган саҳна массовка билан ишлаш бўлди. Чунки, улар актёр эмас, кўпчиликни ташкил этади. Камерага қарамасликни айтсангиз, барибир қараб юборишади.
Феруза: – Фильмингизда ўзингиз ҳам рол ижро этдингизми?
Санжар Шодиев: - Бу сафар янгилик бўлсин деб, ўзим рол ижро этмадим.
Феруза: – Фильм экранга чиққандан кейинги режаларингиз?
Санжар Шодиев: - Режиссёр Иброҳим Расуловнинг янги бир фильмида рол ижро этмоқчиман. Лекин ҳали суратга олиш ишлари бошлангани йўқ. Рол ижро этишни соғиндим. Мен учун ролни катта–кичиги йўқ. Суратга олиш ишлари бошлангунча бир оз дам олмоқчиман. Яна санъатни бошқа бир чўққиларига ҳам ҳаракат қилмоқчиман.
Феруза: – Адашмасам, қўшиқ ижро этгандингиз, давом эттирмоқчимисиз?
Санжар Шодиев: - (кулиб) Қўшиқ айтмоқчиман. Қизиқчиликда ўзим яккахон концерт бермоқчиман. Асли Санъат институтини "Драма ва кино режиссёрлиги” факультетини битирганман.
Феруза: – Комедия ва мелодрама жанрларида фильмлар суратга олдингиз. Яна қайси жанрларда фильм суратга олган бўлар эдингиз?
Санжар Шодиев: - Кўп, севги-муҳаббат ҳақида ҳам. Яна гўзал Ўзбекистонимизни тарихи, буюк тарихий шахслари ҳақида ҳам.
Феруза: – Тарихий фильм суратга олсангиз, қайси буюк тарихий шахс ҳақида суратга олган бўлардингиз?
Санжар Шодиев: – Умар Хайём ҳақида. (ўйланиб) Амир Темур ҳақида ҳам фильм суратга олишга ҳаракат қилган бўлар эдим, лекин тайёр эмасман. Бу жуда катта нарса. Энди биз ёш режиссёрлармиз. Ёшлар шундай ҳаракат қилсак, келажакда тарихий фильмлар ҳам яратамиз.
Санжар Шодиев билан суҳбатимиз анча узоқ давом этди. Суҳбат давомида, у янгилик яратиш ва бир хилликдан қочиш мақсадида, жиддий мавзуга қўл урганлигини билдириб, ҳар бир яратилаётган фильмга холис баҳони томошабин бериши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Уни сўзларидан, шу фильм ғояси бошланган даврдан, то шу бугунгача фильм қаҳрамонлари руҳияти билан яшаётганлиги билиниб турарди.
Суҳбатимиз ниҳоясида Санжар Шодиев қуйидаги сўзларни айтди: - "Бу фильмдан мақсадим, томошабинни йиғлатиш эмас. Кўзидан ёш оқса, севинч ёши бўлиб, қалб кўзи очилсин. "Қалб кўзи” инсонлар қалбини очса, шундан хурсанд бўлиб, ўзига нимадир олсалар, бу мени эмас, бутун ижодий гуруҳни ютуғи бўлади. Қолаверса, шу фильмни суратга олишда мени қўллаб–қувватлаган, суратга олишда ҳомийлик қилган инсонларга ҳам мингдан–минг раҳмат.”
uz.sayyod.com
|