«ТОХИР – ЗУХРА 2 » ЁКИ «АДА ЭМАС, ДАДА»
фильми ёпиқ премьера, пресс-конференциясидан
Кутилмаганда соат 17.10 да менга бу фильм Киночилар уйида премьера қилинаётгани ҳақида хабар беришди$cut$. Фильм (розовый) пушти залда намойиш этилаётган экан. Мен у ерга кириб борганимда, фильмнинг 40 дақиқаси ўтиб бўлган экан. Зал журналистлар, ижодкорлар ва баъзи нотаниш томошабинлар билан тўлган, баъзилар тик туришарди. Шу пайт эшик ёнига қўйилган стулда ўтирган бир танишим, ўзи залдан чиқиб кетаётганлиги сабаб, менга ўз ўрнини бўшатиб берди. Фильмни ўша келган жойидан кўра бошладим.
(Бу негадир ҳозирги кунда урф бўлиб бораётган "ёпиқ премьера” эди)
Фильмни тўлиқ кўрмаган бўлсам-да, кўрган жойимдан бошлаб, ўз шахсий фикрларимни айтиб ўтмоқчиман.
Фильм комедия жанрида суратга олинган бўлиб, унинг мазмуни, Тохирнинг дадаси Обид акани (Обид Асомов) уйлантириш мавзусида. Мен фильмни Обид акани уйланишга рози бўлмай, дўстлари билан тортишаётган эпизодидан кўра бошладим. Фильмни кўрган жойимдан, уни қандай тугашини ва асосий мазмунини тушуниб олиш қийин эмасди, мени назаримда. (Ҳозирги кўпгина фильмларни бошини кўрмаса ҳам, охири нима билан тугашини билиб олиш қийин бўлмай қолди) Орадаги эпизодларда унинг ўғли яъни, Тохирни кино суратга олиш жараёнлари, (Негадир Тоҳир Содиқовга дубляжда берилган овоз, профессионал актёр, ҳозирги кундаги яхши овоз эгаси ҳисобланган Фахриддин Шамсиматовники бўлса ҳам, унга мос тушмагандек назаримда) шунингдек Обид акани дўстларини ҳаёти, Обид акани уйидаги муносабатлар кўрсатилади. Фильмни кўрдиму "Бу антиқа, антиқа фильм” ёдимга тушди. Бу фильмда ҳам актёр Мурод Ражабов ва қизиқчи Обид Асомов суратга тушгани учунгина эмас, албатта. Фильм услуби жиҳатидан, ўша фильмга ўхшашдек менимча. Бу фильмда ҳам бир кўриниб, кейин бошқа кўринмайдиган бирровлик (ортиқча) қаҳрамонлар кўп назаримда. Яна баъзи фильмларга "пародия” қилинган эпизодлар ҳам бор. Мусиқали фильм бўлгани учунми, ёки ундаги хонандалар кўплигигами, бу фильмни кўпроқ клиплар тўпламига ўхшатдим.
(фильмни мен кўришни бошлаган эпизодимдан бошлаб)
Фильмни плюс жиҳатлари:
Менимча фильмни ғояси, яъни барибир биринчи муҳаббатингни унутиш қийин бўлади ва ҳаётда унга ўхшаш инсонни қидирасан деган тушунча бордек. Чунки, фильм давомида бош қаҳрамон Обид ака, айнан вафот этган рафиқасига ўхшаш инсонни қидиради.
Актёр Мурод Ражабовни образи, кино соҳасини тушунмайдиган продюсер. Ҳозирги кунда ростдан ҳам шундай продюсерлар бор.
Актриса Мунаввара Абдуллаевани роли қайсидир маънода янгилик бўлган. Шу пайтгача бу актрисани бундай образда кўрмаган эдик.
Фильмдаги бир топилма яъни, актриса Фотима Режаметовани руҳ сифатида ҳар хил қиёфаларда пайдо бўлиши.
Операторлик иши, ҳар хил махсус декорациялар, хонандаларни имиджлари яъни чет эл хонандаларига ўхшата олинганлиги. (баъзи бирлари албатта, ҳаммаси эмас)
Фильмни минус жиҳатлари:
Қизиқчи Обид Асомовга келсак, билмадим асосан қизиқчи сифатида кўрганим учунми ёки ролларини зўраки ижро этаётганга ўхшайдими, барибир мен нимагадир Обид Асомовга актёрлик унчалик ярашмайди деб ўйлайман. Бу мени шахсий фикрим албатта.
Обид акани имиджи ва костюмлари устида ишлаш керак эди назаримда. Орадан вақт ўтганлиги таъкидланса-да, уни ташқи кўриниши унчалик ўзгармаган.
Фильмда ортиқча қаҳрамонлар жуда ҳам кўп деб ўйлайман.
Актёрлар Абдураим Абдуваҳобов ва Тоҳир Саидовларни образлари ҳам ўзларига ярашмаган назаримда.
Фильмдаги баъзи воқеалар томошабинларни кулдириш учун атайлаб ўйлаб топилганлиги ва ошириб юборилганлиги билиниб турибди. Масалан, Обид акани дўстлари симёғочларга эълон ёпиштирдик, интернетга маълумот жойладик деган гаплари, уларни ҳатти-ҳаракатлари, Обид акага аёлларни суратларини кўрсатишлари, уни ҳар хил аёллар билан учрашувларга чиқишлари. Тоҳир Саидов қаҳрамонини 2 та хотини бўлгани ҳолда 3 чисига ҳам уйланмоқчилиги, Абдураим Абдуваҳобов қаҳрамонини хотинидан қўрқиши каби. Фильмдаги бу каби воқеаларни (бошқа фильмларда ҳам такрорланавериши) сийқаси чиқиб кетмадимикан?
Фильмда ҳаракатларни ошириб юбориш, бачканалик ҳолатлари ҳам бор назаримда. Масалан, актёр Тоҳир Саидов образида уни актриса Шоҳида Узоқова билан рақс тушиб, Тоҳир билан телефонда гаплашиш эпизоди, (катта ёшли инсонларга бу каби ишлар ярашадими?) Фильмда кексароқ врач аёлни Обид акани ёнига ўтириб, шеър ўқиган эпизоди (Катта ёшли врач аёлга, умуман ярашмаган ҳолат) кабилар.
Фильм намойиши тугагач, ҳамма ижодкорлар Обид Асомовни табриклай бошлашди. (Келган ижодкорлардан: актёрлар Абдураим Абдувахобов, Тохир Саидов, актриса Фотима Режаметова, "Шаҳзод” гуруҳи солисти Рашид Холиқов, "Божалар” гуруҳидан Жаҳонгир Фозилжонов, хонандалар Манзура, Даврон Эргашев, Отабек Муталхўжаев, Шохруххон, Азиз Раметов, қизиқчи Ўткир Муҳаммадхўжаев, "Аъло FM” радиосидан Олимхўжа Азимов, киношунослар Феруза Нодирова ва Шоира Рауфбоева, сухандон Рахматулла Мирзаев, "ТВМ” канали ижодкорлари, «Sb» сайтидан Миртоҳир Мирғуломов, "Shov-shuv ” сайтидан Жасур Ҳамроев, "Yuld ” сайти ва бошқалар)
Кейин эса залдан чиқиб кетаётганларга сухандон Раҳматулла Мирзаев бу ёпиқ премьера бўлиб, ҳозир пресс-конференция бўлишини эълон қилгач ва уни илтимосидан сўнг, журналистлар жойларига қайтиб ўтиришди.
Пресс-конференция қисқа бўлди. Фильм продюсери сифатида Обид Асомов сўзга чиқиб, фильм ҳақида ўз фикрларини билдирди ва йиғилганлардан савол беришларини сўради. Негадир залдаги журналистлар савол бериш ўрнига, фильмни уларга ёққан жиҳатларини гапиришди.
Журналистлардан Шоира Рауфбоева ижодкорларни премьера билан табриклаб, -"мен бу фильмда коса тагида нимкоса кўрдим, кулиб туриб, ўйланиб чиқиб кетади одам, кино саноати фақат саноат бўлиб қолиши керак эмас менимча, кино саноатини санъат даражасида томошабинга етказиб бера билган фильмлардан биттаси деб ўйлайман . . . – деган кўпгина фикрларни билдирди. (ҳаммасини сўзма-сўз келтириб ўтириш шарт эмас деб ўйладим)
Радиобошловчи Асриддин Насриддинов ҳам ижодкорларни премьера билан табриклаб, – бу кинода ҳам шоубизнес қозонини томошабинга яққол кўрсатишга ҳаракат қиляпсиз, ҳамкасбларингиздан кейинчалик бирор-бир гап эшитишни ўйламаяпсизми, яна очиб беряпсан деган гапларни? -деган саволига Обид Асомов – ҳамкасблар масаласида билмадим, ўзини устидан кулмаган миллат, миллат эмас дейилади, аслида танқид ҳам бўлиб туриши керак, бу яхши танқид мени назаримда – деб жавоб берди.
Негадир ҳеч кимдан савол бўлмагач, Обид Асомов ҳаммага миннатдорчилик билдириб, йиғилганларни 26 феврал куни бўлиб ўтадиган фильмни катта премьерасига таклиф қилди.
Мен эса саволлар бермаганимни сабаби, фильмни тушунган бўлсам ҳам бошидан тўлиқ кўрмаганлигим учун, 26 феврал катта премьерада фильмни тўлиқ кўрган ҳолда, ҳамма саволларимни беришга қарор қилдим.
Агар журналист Шоира Рауфбоева айтганларидек, бу фильмни "санъат даражасида” деб ҳисобласак, унда бугунги кунда суратга олинаётган ҳар бир фильмни "санъат асари” деб атасак бўлармикан деб ўйлаб қолдим. Агар, кино саноатимиз шундай "санъат даражасида” ривожланишда давом этса, билмадим биз нафақат Болливуд, балки Голливуддан ҳам ўтиб кетамиз менимча. Бу албатта мени шахсий фикрларим. Бундай "санъат асар”и томошабинларни бефарқ қолдирадими, ёки қизиқтиради, буни албатта катта премьерадан сўнг билиб оламиз.
Феруза Фаттахова
Қисқача маълумот.
Фильм ижодкорлари:
Сценарий муаллифи: – Мадина Мўминова
Бадиий раҳбар – Нигора Назарова
Продюсер – Обид Асомов
Режиссёр – Мирмақсуд Охунов
Оператор – Рустам Муродов
Композитор – Дониёр Аъзамов
Фильмда суратга тушган актёрлар (асосий ролларда):
Обид Асомов, Тохир Содиқов, Фотима Режаметова, Абдураим Абдувахобов, Тохир Саидов, Матёқуб Матчонов, Мурод Ражабов, Мухаммад Исо Абдулхаиров, Дилбар Икромова ва бошқалар. Катта –кичик ролларда 35 дан ортиқ таниқли театр ва кино актёрлари
Фильмда 19 та хонанда иштирок этган:
Тохир Содиков, Рашид Холиков, Райхон, Манзура, Отабек Муталхўжаев, Нилуфар Усмонова ва бошқалар . . .
Саида Вахобова: – Бу фильмни ёпиқ премьерасига кеч қолганлигим туфайли, фильмни Обид Асомовни рафиқасини руҳи билан сўзлашиб ўтирган кадридан тамоша қила бошладим. Обид Асомов қаҳрамони рафиқаси ўлганидан кейин уни дўстлари уйлантириш учун ҳаракат қилишаётгани ҳақида гапираётган эди. Бундан шуни тушундим-ки, демак, фильм якунида Обид Асомов қаҳрамони кимгадир уйланиши керак экан ва фильм шу ҳақида бўлса керак деб.
Фильм мусиқали комедия бўлиб, унда жуда кўп актёрлар ва хонандалар суратга тушишган. Лекин менимча, уларни ижроси фильмга файз берган бўлса-да, жиддий бир ўзгариш кирита олмаган. Фильмда баъзи сериаллар ва фильмларга ўхшатма қилинган кадрлар бор. Масалан, "Кечир” фильмидаги бахтсиз ҳодиса эпизоди, (Обид Асомов ва Фотима Режаметова иштирокида), "Қиш сонатаси” корейс сериалидан мусиқа қўйилган ҳолда, "Сарой жавоҳири” корейс сериали лавҳаларига қилинган ўхшатмалар каби.
Фильмни плюс тарафлари:
-Асосий ғоя, Обид Асомовни рафиқасига бўлган муҳаббати. Баъзи хонандаларга танланган имиджлар, масалан Манзура, Райхон, "Шахзод” гуруҳи солисти Рашид Холиқовларни имиджи ҳам, қўшиқлари ҳам фильмга мос ва яхши чиққан.
-Фильм декорациялари ҳар бир хонанда қайси мамлакат вакили сифатида куйлаган бўлса, ўша мамлакатга хос қилиб ишланган.
-Баъзи бир кичик комедик ҳолатлар. Масалан, Обид Асомов рафиқасини руҳини ҳар келиб-кетишидан кейин, уларни оилавий расмларидаги ўзгаришлар; руҳни ҳар сафар Обид Асомов ким билан учрашувга чиқса, ўша аёлга ўхшаш кўринишда келиши каби.
Фильмни минус жиҳатлари:
- Баъзи эпизодлар ҳаддан ортиқ бўрттириб юборилган менимча. Актёр Тохир Саидовни ролини негадир ҳеч "ҳазм” қила олмадим. Қайсидир маънода "маънавий тарбиясиз” инсон қиёфасида чиққани ғашимни келтирди, айниқса, учинчи марта уйланиш фикрини билдириши, актриса Шохида Узоқова билан бирга чиққан кадрлари. Ёшларни баъзида бачкана дейишади, лекин катта ёшдагиларни нима дейишаркан. Бачканалик ёш танламай қолганга ўхшайди назаримда. Комедия деб, кулдираман деб, ёшига ярашмаган қилиқларни қилиш, ёши катта актёрларимизга ярашмаган ҳолат деб ўйлайман.
Фильм тугагач, пресс-конференцияга қолиш кераклиги эълон қилинди. Обид Асомов сўзга чиқиб, фильм ҳақида гапириб бўлгач, йиғилган журналистларга саволлар берилишини сўради. Журналистлар эса фильм ижодкорларини табриклашди. Фақат 2 журналист Шоира Рауфбоева ва Асриддин Насриддинов фикр билдиришди.
Яна қайтадан савол бериш таклиф қилинганда, залдаги журналистлар ўриндиқлар остига беркингудек бўлиб, бир-бирларига сиздан бўлсин, дегандай қарай бошлашди. Кимдир шу пайт қарсак чалиши билан, ҳамма шуни кутиб тургандай унга жўр бўлишди. Обид Асомов ҳам саволлар бўлмаса, унда сизларни 26 февраль куни бўлиб ўтадиган премьерага таклиф қиламиз деди ва шу билан пресс-конференция якунланди.
|