«МУҲАББАТНОМА» фильми ёпиқ премьерасидан
Туркистон саройи соат 19.00
"Муҳаббатнома” фильми романтик мелодрама жанрида суратга олинган бўлиб, бир қарашда одатий фильмлардан фарқсиздек туюлади. Лекин…
Фильмни ёпиқ премьераси, айнан Шоҳ ва шоир Бобур Мирзонинг туғилган куни 14 февралда бўлиб ўтди. Аммо, фильмни илк намойиши ўтказиладиган "Туркистон” саройида премьера бўлишини билдирадиган бирор бир белги йўқ эди. Масалан, одатдагидек, фильм баннери дегандек. Ижодкорлар ва томошабинлар сарой залига тўплана бошлашганида, худди бошқа премьераларда бўлганидек, жой излаш бошланди. Таклифномаларда қатъий жой белгиланмаганлиги ва сарой зали кичикроқ бўлганлиги учун, тезда бўш ўринлар қолмади. Шу сабабдан премьерага кеч қолганларни балконга чиқариб юборишди. Бундан баъзи томошабинлар "ким вақтли келса, залдаги жой ўшаники экан-да” деб норози ҳам бўлишди. Залга кираверишда, махсус жойда устки кийимларни "зал иссиқ” сўзлари билан олиб қолишган бўлса-да, аслида зал совуқ экан. Шу сабабли, баъзилар чиқиб, устки кийимларини кийиб қайтиб келишди.
Залда бир нечта киноижодкорлар ва шоубизнес вакиллари ҳам бор эди. Режиссёрлар Рустам Саъдиев, Бурҳон Шаропов, қизиқчилар Обид Асомов ва Ўткир Муҳаммадхўжаев, актёрлар Адиз Ражабов, Алишер Узоқов, актрисалар Гулчеҳра Эшонқулова, Сетора Фармонова, Асал Шодиева, хонандалар Зоҳиршоҳ, Шаҳриёр, Миржамол ва "ТВМ” телеканали ижодкорлари.  
Премьерани "ТВМ” телеканали "Жаннатмакон” кўрсатуви олиб борувчиси Ойбек Рихсибеков очиб берди. У премьерага келганларни бугунги намойиш ва байрам билан табриклагач, ижодкорларни бирма-бир, номма-ном айтиб, саҳнага таклиф қилди. Булар фильм режиссёри Акбар Бектурдиев, ҳинд актрисаси Снекха Пандей, актёрлар Фаррух Соипов, Жаҳонгир Фозилжонов, Тўхтамурод Азизов, актриса Мадина Мумтоз, фильм оператори, монтажчи ва бошқа ижодкорлар эди. Бошқа фильм премьераларидан фарқли равишда, бу гал фильм қаҳрамонларига овоз берган дубляж усталари номлари ҳам айтиб ўтилди.
Фильм премьерасида Ҳиндистондан келган меҳмонлар ҳам иштирок этишаётганди. Ойбек Рихсибеков уларга сўз берди. Меҳмонлар таржимон ёрдамида ўз фикрларини баён этишди. Одатдагидек, фильм режиссёри Акбар Бектурдиев ҳам сўзга чиқди. Режиссёр ҳаяжондалигиданми, бу неччинчи фильми эканлигини ("кўп фильм суратга олганидан бўлса керак”) эслай олмади. ) Ниҳоят фильм премьераси бошланди.
Юқорида айтиб ўтганимдек, бир қарашда фильм бошқа фильмларга ўхшашдек туюлади. Фильм бошидан Ҳиндистон сафари ҳақида сўз очилганда, бош қаҳрамон Шоҳжахонни у ердан ўз муҳаббатини топиб келиши билиниб турарди. Лекин, фильмда ўзига хос ғоя, Ватан туйғусига ҳам кенг ўрин берилган. Яъни, ҳинд қизининг отасининг миллати асли ўзбек бўлиб, Ватан соғинчида яшаши кўрсатиб ўтилган. Бу образни актёр Убайдулла Омон яхши ижро этган. Фильмни ҳинд ижодкорлари билан ҳамкорликда ва баъзи эпизодлари Ҳиндистонда суратга олинганлиги, уни бошқа фильмлардан ажралиб турган жиҳатидир мени назаримда. Фильмда талаба йигитнинг (Фаррух Соипов) ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиниб, асосий мазмун, уни шўх дўсти (бу ролда худди "Келгинди келин”дек Жаҳонгир Фозилжонов) билан Ҳиндистонга илмий ишига (Бобурийлар тарихи бўйича) маълумот тўплаш учун сафар қилгани ва у ерда ўз муҳаббатини учратгани ҳақидадир.
Фильм аввалида Шоҳ ва шоир Бобур Мирзонинг рубоийси ўқилиши таъсирли чиққан менимча.
 "Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўюб Ҳинд сори юзландим,
Ё раб, нетайин не юз қаролиғ бўлди.”
Фильмда Бобур Мирзо ҳаётидаги баъзи воқеалардан ҳам ҳикоя қилиб ўтилади. Режиссёр Акбар Бектурдиевнинг ўзи ҳам эпизодик рол, яъни видеоқароқчи (пират) ролини ижро этган. Фильмда ҳазиломуз тарзда "Вир ва Зара” фильми эпизодларига ўхшатма қилинган кадрлар ҳам бор.
Фильмда комедик ҳолатларга кенг ўрин берилган.
Актёр Жаҳонгир Фозилжоновни ҳамма роллари комедик бўлгани ҳолда, бу гал ҳинд актёри Шохруххонни ашаддий фанати сифатида, у билан учрашиш учун Ҳиндистонгача бориши ва у ерда ачинарли ҳамда, кулгили вазиятларга тушиб қолиши, реал ҳаётдан узоқ ва одатдаги роли бўлса ҳам, фильмга ўзига хос юмор берган деб ўйлайман.
 Фильмнинг бошланғич эпизодларида "Нотаниш” фильмига ўхшаш бўлган, (яна айнан, она ролида актриса Раъно Ярашева) ота-она билан боғлиқ, ҳозирги кундаги фильмларга урф бўлган бир лавҳа томошабинларни куттирди-ю, кутган нарсасини бермади. Яъни, ота-она ўғлинг билмасин, кечаги ишни давом эттирамиз, деб ота онани мажбурлайди-ю, кутилмаганда хонада шахмат ўйнаб ўтиришади.
Фильм намойиши бошлангандан бироз ўтиб, премьера бошланишида саҳнада унутиб қолдирилган микрофонларни қоронғида, саҳнага энгашиб чиққанча йиғиштириш бошланди. Бу ҳам камдек, саҳнада парда ортиданми, биринчи қаторни энг чекка тарафиданми, баъзи бир (кимлиги номаълум) қўштирноқ ичидаги (бесплатный кўнгилли) "таржимонлар” фильмнинг ҳар бир лавҳаларини ўзига хос маданиятсиз равишда "таржима” қилиб туришди. Яъни, "кўзларингдан ўлик башара қиз” , "Шу ёшингда ҳам шеър ўқиб довдирагин Фаррух”, "осилиб турган иштонларингдан”, "эй арзимийди бу” (энг пардаланган ҳолдагиларини келтирдим) ва баъзи бир "ўта маданиятли сўзлар” ҳоказо. Бу усулдаги "таржима” биринчи ва иккинчи қатордаги томошабинларни кулгисига ва "ким бўлса ҳам жимсин” деган танбеҳларига сабаб бўлди. Фильмларимиз намойишига ўзи шунақа "ўта маданиятли” "таржимонлар” етишмай турганди менимча. (Бу каби "таржимонлар”, балки олдинги премьералардаги тўхтовсиз чақалоқ йиғиси ўрнига заменадир)
Одатдагидек, ҳар бир фильмни плюс ва минус жиҳатлари бўлгани каби, бу фильмда ҳам баъзи камчилик тарафлари бор назаримда.
-Масалан, бош қаҳрамонлар Фаррух Соипов ва Жаҳонгир Фозилжоновларни роллари "Келгинди келин” фильмини эслатади.
-Ролларда актёрларни янги қирраси очилмаган. Айниқса, Фаррух Соиповни роли баъзи эпизодларда "Келгинди куёв” фильмига ўхшаш бўлса, Жаҳонгир Фозилжоновни ота-онаси йўқлиги ҳолати жуда ҳам "Келгинди келин” фильмидаги образини давомига ўхшайди.
-Яна, Жаҳонгир шаҳарни яхши билмайман деб туриб, кейин эса ҳар куни ишлаб пул топиб келиши, мантиққа тўғри келмайди.
-Яна бир хато, талаба йигит Шоҳжахон асли инглиз тилини яхши биладими ёки ҳинд тилиними шуниси сал мавҳумроқ, негаки, Ҳиндистонга келиб, дўстини айби билан пулсиз қолишгач, ҳинд фильмида кичик рол ўйнайдиган эпизодида, у ердагиларни сўзларига тушунмаслиги, атайлаб комедик ҳолат учун қилинганми, буниси тушунарсиз.
-Мумтоз бегим қаҳрамонинг руҳий кечинмалари тўлиқ очиб берилмаган.
-Фильм қаҳрамонларини исмлари Шоҳжахон ва Мумтоз бегим деб қўйилгани ҳам, фильмни улар ҳақида эканлигини ва ниҳояси нима билан тугашини билдириб туради. Баъзи бир томошабинлар фильмга "Келгинди қайнсингил” деб таъриф беришди. Лекин, фильм кўпчиликда ижобий таъсурот қолдирди.
Намойиш тугагач, премьерага келганлардан фильм ҳақида фикрлар олдим.
Гулчеҳра Эшонқулова (актриса): - Фильм менга ёқди. Севги-муҳаббат, бири Ўзбекистонда бўлса, бири чет элдалиги. Менга ёққани, Ҳиндистонда бўлиб, кейин воқеалар Ўзбекистонга олинганда, худди бориб келгандай бўлдим. Бизни Ватанимизга барибир ҳеч нарса етмайди. Чет элда фильм олиш осон эмас, лекин шу даражагача олишибди, мен жуда хурсанд бўлдим.
Зоҳиршоҳ Жўраев (хонанда): – Фильм яхши чиққан, жуда ҳам мароқ билан кўрдик. Шунақа фильмлар кўпайишини ҳоҳлардик. Аксарият, ҳозирги чиқаётган фильмлардан қизиқарлилиги билан, зерикиб қолмаслиги билан фарқ қилади. Фаррухга ва Жаҳонгирга омад тилаб қоламиз. Фильмни асосий ютуғи зерикиб қолмасликда. Менимча, фильмни минус жиҳатлари йўқ.
Илҳом Юнусов (Жаҳон тиллари университетидан, томошабин): - Фильм қизиқарли, лекин қайсидир жиҳатлари "Келгинди куёв” ва "Келгинди келин” фильмларига яқинроқ. Фаррух Соиповни ролида янгилик бўлмаган. Ҳинд актрисасини ролига келсак, аввал ўз-ўзидан йигитга қўполлик қилиши ва кейин Жаҳонгирни биргина гапидан сўнг, яна ўз-ўзидан йигитни севиб қолиши тушунарсиз. Яхши тарафи, Ҳиндистон билан ҳамкорликда ва чиройли олинган муҳаббат воқеаси дейиш мумкин. Зални совуқлиги кино кўришда сал ноқулайлик туғдирди.
Саида Вахобова: – "Муҳаббатнома” фильмининг асосий ютуғи, уни Ҳиндистон кино усталари билан ҳамкорликда суратга олинганлиги деб ўйлайман. Ҳинд ўлкаси ва фильмлари доим ўзбек томошабинларини эътиборини тортиб келган, ҳамда ҳамкорликда илгари ҳам бир неча фильмлар суратга олинган. Бу фильмни улардан фарқи, асосан бугунги кун ҳақидалиги ва ҳозирги даврда суратга олинганлигида. Албатта, бошқа давлатда фильм суратга олиш мураккаб жараён. Фильм мазмуни ҳозирги фильмлар ва ҳинд фильмларининг доимий мавзуси бўлган муҳаббат ҳақида. Муҳаббат қиссасига ҳамоҳанг равишда, мирзо Бобур ҳақида ва Ватанга муҳаббат тушунчалари ҳам киритилган. Фильмни чиройли тарзда, чиройли манзаралар билан суратга олинганлиги ва комедик воқеалар билан бойитилганлиги қизиқарли чиққан. Булар фильмни плюс тарафлари менимча.
Лекин, фильмни минус тарафларига келсак,
-фильм воқеалари менга ҳаётий эмас, жуда ҳам оддийдек туюлди. Яъни, ўзбек йигитини Ҳиндистонга бориши ва у ерда ҳинд қизини севиб қолиши, у қизни отасини асли ўзбек бўлиб чиқиши, ҳамда улар ўртасидаги романтик муҳаббат.
-Актёрлар ижросида ҳам бирор янгилик сезмадим. Актёрлар Фаррух Соипов ва Жаҳонгир Фозилжоновлар ҳар доимгидек "ўз роллари”да. Яъни, доимий бир хиллик: бири романтик қаҳрамон бўлса, иккинчи уни ҳазилкаш, бечораҳол дўсти.
-Актриса Снекха Пандей ролига келсак, билмадим негадир бу образда актриса Гулчеҳра Эшонқуловани кўргим келди. Балки у фильмдаги қизнинг ҳис-туйғуларини, дардини яққолроқ ифода этармиди, билмадим бу мени шахсий фикрим албатта.
Фильмга чиройли ва романтик "севги эртаги” деб таъриф берган бўлардим.
Премьера нима учун ёпиқ тарзда ўтказилди? Фильм қачондан катта экранда намойиш этилади? деган саволлар билан фильм режиссёри Акбар Бектурдиевга мурожаат қилдим.
Акбар Бектурдиев (режиссёр): - Премьерани ёпиқ ўтганлигининг сабаби, Ҳиндистондан меҳмонлар келган эди. Улар учун, ҳамкасблар учун премьера ёпиқ тарзда бўлди. Фильм 5 мартдан қайта премьера билан катта экранда намойиш этила бошланади.
Феруза: – Бош ролни ижро этган ҳинд актрисаси Снекха Пандей ҳақида ҳам маълумот берсангиз. Ҳиндистонда яна қандай фильмларда рол ижро этган?
Акбар Бектурдиев (режиссёр): - Актрисани қайси киноларда тушганини билмийман. Сериалларда, киноларда тушган, лекин номини билмайман. Актриса тўғрисида ҳеч қандай маълумот беролмайман.
Фильм умуман, иккита мамлакатда суратга олинганлиги билан эътиборни тортади назаримда. Фильм ижодкорларини анча меҳнат қилишгани билиниб турибди. Бундан кўп йиллар олдин режиссёр Латиф Файзиев ҳинд киноижодкорлари билан суратга олган "Севги афсонаси”, "Алибобо ва қирқ қароқчи” каби фильмлар билан бошланган ижодий ҳамкорлик анъанаси яна давом этгани, бугунги кундаги ўзбек киноси учун ютуқ мени назаримда. Ўтган йиллар давомида, баъзи "режиссёрлар” ҳинд ижодкорлари билан ҳамкорликда фильм оламан деб, фильмлар савиясини туширган бир пайтда, "Меъмор” студиясининг бу фильми, ҳамкорликдаги фильмларга сал бўлса-да қизиқиш пайдо қилди дейиш мумкин. Баъзиларга ўхшаб ҳинд фильмидан айнан кўчиргандан кўра, ҳинд киноижодкорлари билан ҳамкорлик қилиш ҳам, ҳозирги кун киносини ривожланаётганлигидан далолатдир мени фикримча.
Феруза Фаттахова
Uz.sayyod.com dan oldi UzDDS
|